Бирлашган Араб Амирликларида (БАА) яшовчи фуқаро ҳамкасбининг қўлидан ўпгани учун уч ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда GulfNews нашри берган маълумотларга таяниб ТАСС ахборот агентлиги хабар тарқатди.

Манбада ёзилишича, хорижий авиакомпаниялардан бирида фаолият олиб борувчи ходим мазкур жиноятни жорий йил бошида содир этганди. У компьютерда олиб борилган тест синовларидан кейин ҳамкасбининг қўлидан ўпиб олган. БАА суди мазкур ҳолатни ярим йил давомида кўриб чиқди ва аёлларга нисбатан жинсий зўравонликда айбланган ходимга қамоқ жазоси тайинланди.

Маҳаллий судялардан бирининг айтишича, жиноятчи қамоқ жазосини ўтаб бўлгач, БАА ҳудудидан депортация қилинади. Шунингдек у ходим суд қарори бўйича апелляция бериши мумкинлигини, лекин ўз фойдасига бирор ўзгариш қилиш имконияти амалда йўқ эканини ҳам таъкидлаб ўтган.

Амирлик ҳуқуқ-тартибот идоралари мазкур ҳолатга ўхшаш ҳолатларга ҳар ойда ўн марталаб дуч келишади. Мамлакат қонунчилигида ислом ҳуқуқлари ва маданий анъаналарига кўра ҳар бир эркак бегона аёлга ортиқча ҳаракат қилиши жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши белгилаб қўйилган.

GulfNews таҳлилчилари хорижликларга, айниқса сайёҳларга БАА ҳудудидаги аёлларга мурожаат қилмасликни тавсия қилишади. Агар муомала қилишга мажбур ҳолатлар бўлганида ортиқча ҳазил ва қўполлик қилмасликни ҳам маслаҳат беришган.