БААда робот-шифокорлар навбатчилик қиладиган бўлди

Технология 22 Сентябрь 2015 3314

Бирлашган Араб Амирликларида робот-полициячилар, компьютер парковкачилар ва бошқа кўплаб электрон ёрдамчилар сафига робот-шифокорлар ҳам қўшилди. Улар тиббиёт хизматлари маҳаллий бозорида ҳақиқий инқилоб қилишлари кутилмоқда. “Галф ньюс” нашрининг маълум қилишича, биринчи бундай қурилма Хатта шифохонасида навбатчилик қилишга киришди.

Нашрнинг маълумотларига кўра, “Dubai Robo Doc” деб номланган янги қурилма беморларни масофадан даволаш тизимининг бир қисми ҳисобланади ва яқин орада БААдаги 15 та энг йирик тиббиёт муассасалари томонидан қуролланишга олинади. “Бу техника эвазига шифокорлар беморларни масофадан туриб кузатишлари мумкин бўлади. Улар кенг кўламдаги энг замонавий ташхислаш воситаларига эга ва тегишли қайта тайёргарликдан кейин исталган шифокор учун хизмат қила олади”, деб айтмоқда шифокор Муин Фикрий.

Нашрнинг ёзишича, кичик ўлчамдаги бу робот касалхона бўйлаб юра олади ва мамлакатнинг исталган қисмида жойлашган махсус бошқариш марказидан туриб мутахассис томонидан бошқарилиши мумкин. Шифокор камералар ва бошқа махсус қурилмалар ёрдамида касални тўлиқ кўриб чиқиб, унга даволаш курсини белгилаши мумкин.

“Биз қурилма томонидан олинган лаборатор тадқиқотлар анализларини ўрганиб чиқишимиз, рентген сурати олишимиз ва беморнинг ташқи кўриниши, унинг териси рангига баҳо беришимиз мумкин. Бу қурилма малакали шифокор воқеа жойига ўз вақтида ета олмайдиган шошилинч вазиятларда бирламчи ташхисларни қўйиш учун идеалдир. Шу тариқа биз узоқда жойлашган кичик тиббиёт пунктларидаги ҳамкасбларимизга кўмак бера оламиз,”, деб қўшимча қилмоқда Фикрий.

Мутахассисларнинг фикрича, роботлашган шифокор тиббиётнинг келажаги ҳисобланади.

Кўпроқ янгиликлар