1-3 октябрь кунлари Тошкентдаги “Ўзбекистон” спорт мажмуасида дзюдо бўйича навбатдаги Гран-при турнири бўлиб ўтади.

Қаторасига учинчи бор ташкил этилаётган мазкур мусобақада иштирокчилар сони ҳар йилгидан кўп. 2013 йили 20дан ортиқ юрт вакиллари Тошкентга ташриф буюрган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 42 давлатни ташкил этганди.

Бу йилги турнирда эса 60 мамлакатдан 411 нафар дзюдо иштирок этиши кутилмоқда.

Рио Олимпиадасига қимматли лицензия очколарини тақдим этувчи мусобақада Ўзбекистон вакиллари ҳам кўпчиликни ташкил этишади. Мусобақада қатнашиш учун 28 нафар эркак ва 14 аёл дзюдочиларимиз рўйхатдан ўтишган.

Хорижлик спортчилардан бу йилги жаҳон чемпиони кореялик Донг Хан Гвак (-90 кг), Лондон Олимпиадаси чемпиони россиялик Тагир Хаибуллаев (-100 кг) ва бир қатор маҳоратли полвонлар ҳам ушбу Гран-Прига ташриф буюради.