Индонезиядаги йирик Garuda Indonesia авиаташувчиси сентябрь ойида ўрмон ёнғинлари сабабли вужудга келган қуюқ тутунлар сабабли мамлакатдаги катта шаҳарлар ўртасида ташкил этлган 400дан зиёд рейсларни бекор қилди. Бу ҳақда сешанба, 22 сентябрь куни Jakarta Globe нашри хабар берди.

“Кўриш даражасининг пастлиги сабабли бир қатор аэропортлар, жумладан, Сурабая, Калимантанда 449та рейс хавфсизликни таъминлаш мақсадида бекор қилинди”, - дейилади авиаташувчи баёнотида.

Индонезия фуқаро авиацияси талабларига кўра, парвозларни амалга ошириш учун энг қисқа кўриш масофаси 800 метрни ташкил этиши лозим. Бироқ кучли ёнғинлар туфайли бир қатор аэропортларда кўриш масофаси 100 метрдан ошмаяпти.

Бир ойдан кўпроқ вақт ўтмоқдаки, Индонезиянинг қатор провинцияларида ўрмон ёнғинлари авж олмоқда. Улардан ҳосил бўлган тутун қўшни Малайзия ва Сингапурга ҳам етиб борган. Деҳқон ва кичик корхоналар ишчилари чангалзорларни ёқиш орқали хўжалик фаолияти билан шуғулланиш учун ер очишади. Қуруқ об-ҳаво эса айрим ёнғинларнинг катта майдонларни эгаллаб олишига сабаб бўлмоқда. Натижада ўт ўчириш хизмати вакиллари уларни бартараф этишнинг уддасидан чиқа олмай қолишмоқда.