Интернет тармоғи орқали бир қиз билан танишиб, унинг кўнглини олишга интилган ўсмир қарзга ботиб, уни узиш учун гиёҳванд моддалар тарқатиш билан шуғулланишга мажбур бўлди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ оламида” нашри ёзмоқда.

Айтилишича, Шоҳруҳ исмли йигит интернетдан Азиза деган қиз билан танишиб, у билан бир неча ойлар мобайнида телефон орқали суҳбат қуриб борган. Бир куни қиз унга қўнғироқ қилмай қўйган ҳамда унинг қидирувларига жавоб бермаган. Интернет орқали олиб борилган суҳбат чоғида Азиза Шоҳруҳга телефонига пул ташлай олмаётганини, имкони бўлса, унинг ҳисобига 300 минг сўм ташлаб қўйишни илтимос қилган.

Йигитлик ғурури устун келган Шоҳруҳ унга йўқ дея олмай, Комил исмли танишидан қарз олган ва кўрсатилган рақамларга пул ўтказган. Аммо шундан сўнг қизнинг телефон рақами ва интернетдаги саҳифаси ўчирилиб, у “радарлардан” ғойиб бўлган.
Комил эса Шоҳруҳнинг қарзи уч ой ичида яна 200 минг “туққани”ни рўкач қилиб, гиёҳванд моддалар тарқатиш билан шуғулланишга мажбур қилган. Йигит ҳар қанча қаршилик кўрсатмасин, ота-онаси сирларини билиб қолишидан қўрқиб, танишининг талабларини бажаришга мажбур қилган.

Комил ИИВ ходимлари томонидан қўлга олингач, у ўз кетидан Шоҳруҳни ҳам эргаштириб кетган.