Бугун, 22 сентябрь куни Рим папаси Франциск АҚШга ўзининг биринчи ташрифи билан келади. Унинг самолёти Вашингтон яқинидаги Эндрюс авиабазасига маҳаллий вақт билан 16:00да қўнади.

Папани АҚШ президенти Барак Обама ва унинг турмуш ўртоғи Мишель Обама кутиб олади.

Кейинги куни эрталаб Оқ уйда понтифик билан расмий учрашув бўлиб ўтади. Шундан сўнг папа Франциск марказий Вашингтон майдони – миллий моллдаги парадга бошчилик қилади.

Пайшанба куни эрталаб эса Рим папаси АҚШ Конгрессининг ҳар икки палатаси қўшма йиғилишида сўзга чиқиб, сўнгра Вашингтондаги инсонпарварлик ташкилотларига ташриф буюради.

Эслатиб ўтамиз, Рим папасига сафар чоғида ўттиздан зиёд кишилар ҳамроҳлик қилмоқда. Жумладан, Ватикан давлат котиби кардинал Пьетро Паролин ва “ташқи ишлар вазири” архиепископ Пол Ричард Галлахер, шунингдек, Alitalia компаниясининг AZ4000 рейси билан дунёнинг етакчи ОАВ журналистлари ташриф буюрган.

Папанинг хориж сафари 28 сентябргача давом этиб, папа Франциск 26 маротаба нутқ ўқиши режалаштирилган — уларнинг 4таси инглиз, қолганлари испан тилида бўлади. Ушбу нутқлар олтита шаҳар — Куба оролидаги Гавана, Ольгин, Сантьяго-де-Куба, АҚШнинг Вашингтон, Нью-Йорк ва Филадельфия шаҳарларида бўлиб ўтиши белгиланган эди. Рим папаси Кубадаги ташрифини ниҳоясига етказди.