Венесуэла ва Колумбия муносабатларни яхшилаш ҳамда ҳамкорликда контрабандага қарши кураш олиб бориш тўғрисидаги келишиб олди. Бу ҳақда душанба, 21 сентябрь куни Колумбия президенти Хуан Мануэль Сантос Венесуэла раҳбари Николас Мадуро билан бўлиб ўтган учрашувдан сўнг маълум қилди.

“Мазкур учрашув бизнинг турлича нуқтаи назарларимизга изоҳ бериш билан бошланди. Тараққиёт моделларимиз бир-биридан фарқ қилади, бироқ бизни бирлаштирувчи соҳаларда ҳамкорлик қилишимиз мумкин. Биз Венесуэланинг чегарадаги ҳаракатларини ҳурмат қиламиз, жумладан, ҳужжатлари бўлмаган колумбияликларни депортация қилиш ҳуқуқини ҳам. Чегаралардаги жиноятчилар ўртамиздаги қарама-қаршиликдан фойдаланиб қолмоқда ва биз бунга қарши ҳамкорликда курашга келишиб олдик. Биз ҳукуматлар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликни тиклаш ҳақида ҳам келишиб олдик”, - деди Колумбия президенти.

“Икки раҳбар ўртасида қарама-қаршилик пайдо бўлса, биринчи навбатда халқ жабр кўради. Биз биродарлашган давлатлармиз ва Венесуэлани яхши кўрамиз”, - дея қўшимча қилди у.

Ўз навбатида, Венесуэла президенти Мадуро ҳам учрашув юзасидан муносабатини билдириб ўтди. “Бугун тинчлик ва мулоқот ғолиб бўлди”, - деб мазкур учрашувни ташкил этган Эквадор ва Уругвай президентларига миннатдорчилик билдирди Мадуро.

Музокаралар Эквадор президенти Рафаэл Корреа ва Уругвай етакчиси Табаре Васкес иштирокида бўлиб ўтди. Шунингдек, учрашувда тўрт мамлакат ташқи ишлар вазирлари ҳам қатнашди.

Икки давлат президентлари муқаддам чақириб олинган элчиларни ортга қайтариш ва 23 сентябрь куни Каракасда вазирлар ўртасида учрашув ўтказишга ҳам қарор қилишди. Бу ҳақда Эквадор президенти Рафаэль Корреа маълум қилди.
16 сентябрь куни Колумбия президенти Сантос Эквадор президенти Рафаэл Корреа ва Уругвай етакчиси Табаре Васкес томонидан воситачи сифатида Эквадор пойтахти Кито шаҳрида Мадуро билан ушбу музокараларни ўтказиш таклифини қабул қилиб олган эди.