Volvo компанияси инновацион автомобиль технологиялари ва робот техникалари соҳасидаги лойиҳаларни ривожлантиришда давом этмоқда. Навбатдаги ташаббус чиқинди йиғувчи роботлар лойиҳаси бўлди.

Лойиҳа ROAR (тўлиқ шакли —Robot-based Autonomous Refuse handling) деб номланди. Унда Volvo`дан ташқари Чалмерс техника университети ва Мэлардален (ҳар иккиси ҳам — Швеция), Пенсильвания штати университети (АҚШ), шунингдек, чиқиндиларни қайта ишлаш технологиялари билан шуғулланувчи Renova компаниялари мутахассислари иштирок этади.

ROAR доирасида уй хўжаликлари яқинидаги чиқинди идишларини мустақил равишда аниқлаш, уларни кўтариш, чиқинди ташиш автомобилига олиб келиш, унинг ичидагиларни бўшатиш ҳамда идишни ортга, аввалги жойига қайтариб олиб бориш билан шуғулланувчи махсус роботлар лойиҳасини ишлаб чиқиш мўлжалланган.

Барча ишлар тунги вақтларда шовқин даражаси паст ҳолатда олиб борилиши режалаштирилмоқда.

Роботлаштирилган платформа 2016 йилнинг июнь ойида Renova компанияси автомобилларининг бирида дастлабки синовдан ўтказилиши белгиланган. Келгусида ишлаб чиқилган технология бошқа соҳалар, масалан, ишлаб чиқаришда ҳам қўлланилиши мумкин.