Душанба, 21 сентябрь куни Ўзбекистон Халқ артисти Обид Юнусов 81 ёшида оламдан ўтгани хабар қилинган эди.

Шу муносабат билан таниқли ўзбек режиссёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, "Меҳнат шуҳрати" ордени соҳиби Зулфиқор Мусоқов Обид Юнусовнинг қариндошлари, яқинлари ва дўстларига ўзининг чуқур қайғу ва ҳамдардлигини билдирди.

“Ўз иқтидори билан сценарийда нима ўйланган бўлса, шуни гавдалантириб нафақат менга, балки кўплаб режиссёрларга ёрдам берган кишини йўқотиш жуда оғир. Ҳожиакбар Нурматов, Тўйчи Орипов, Жамал Ҳошимов, Жавлон Ҳамроев, Римма Аҳмедова, Андрей Краско...”, - деди режиссёр қайғу билан.

Обид Юнусов Мусоқовнинг илк курс иши – “Қалдирғоч”ни тасвирга олишда иштирок этган. Режиссёр ўша вақтлардаги ёрқин хотираларни ҳам ёдга олиб ўтди.

Мусоқовнинг сўзларига кўра, машҳур "Абдуллажон ёки Стивен Спилбергга бағишланади” фильми сценарийси Обид Юнусов учун махсус ёзилган, бироқ унинг касаллиги сабабли бош рол ижроси Ражаб Адашовга топширилган.

“Кейин биз “Ватан” картинасида учрашдик. У жуда хаста эди, унинг оёғи синган бўлса ҳам, мураккаб кадрларни мардлик билан ўтказди...”, дея эслаб ўтди режиссёр.

Мусоқов Юнусовнинг оламдан ўтиши ўзбек кинематографияси ва театри учун катта жудолик бўлганини айтиб ўтди.

“У бетакрор эди. Унинг жанозасида ташланган олма ерга тушмаслиги аниқ эди. Шундай хизмат қилиш лозим... Халқ уни севар эди, чунки у ҳақиқатдан ҳам халқники эди”, - қўшимча қилди Зулфиқор Мусоқов.