Куз-қиш мавсуми яқинлашиши муносабати билан Ўзбекистонда кенг миқёсдаги тайёргарлик ишлари бошлаб юборилди. Улар ҳақида “Ўзкоммунхизмат” агентлигининг бош мутахассиси Зарифа Худойқулова ахборот берди.

“Биринчи навбатда мутахассисларимиз ўтган йили олиб борган ишларини кўриб чиқиш асносида ўз якунига етмаган ишларни кўриб чиқиб, мавжуд муаммоларни ҳал этамиз”, – деди у “Даракчи” нашрига берган интервьюсида.

Унинг айтишича, президентнинг “Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2015/2016 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2367-сон қарори ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга асосан қишки мавсум олдидан кўп хонадонли уйларни иссиқ сув ва иситиш билан узлуксиз таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

“Ҳар бир ҳудуд бўйича, жумладан, 28 йирик шаҳарда ҳамда Тошкентнинг 11 туманида 2015-2016 йилги мавсумда бажариладиган ишлар режаси тасдиқланган, – сўзида давом этди Худойқулова. – Ҳар бир ҳудуд бўйича масъул ижрочилар – вазирлик, идора ва ташкилотларнинг раҳбарлари бириктирилган. Жумладан, тегишли ташкилотларга етарли миқдорда кўмир, мазут, техник туз ва бошқа маҳсулотларни жамғариш бўйича вазифалар берилган. Табиий газ етиб бормаган ҳудудларни суюлтирилган газ билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Ана шу мақсадда 608 минг дона маиший газ баллонларини ишлаб чиқариш ва ҳудудларга етказиш кўзда тутилган”.