Япониялик Хидекити Миядзаки 100 метрга югуриб, 105 ёшдан ошганлар ўртасида жаҳон рекордини янгилади. Бироқ у ўзининг натижасидан норози эканини маълум қилди.

Олти карра олимпия ўйинлари ғолиби Усэйн Болт шарафига “Олтин Болт” деб лақаб олган Миядзаки 23 сентябрь куни Япониянинг Киото шаҳрида ўзининг 105 ёшга кирганини нишонлаганидан сўнг 100 метрлик масофани босиб ўтиш учун 42,22 сония сарфлади. Югуриш тамомланганидан сўнг Миядзакига Гиннеснинг рекордлар китоби вакиллари унинг рекордни тасдиқловчи махсус сертификатни тақдим этди.

“Мен ўз натижамдан норозиман, - деди Миядзаки Франс Пресс агентлиги билан бўлган суҳбатда. – Югуриш вақтида мен жуда секин ҳаракат қилаётганимни тушуниб етдим. Менимча, қарияпман! Биласизми, югуриш билан яқиндан шуғулланаяпман. Мен кучлироқ шуғулланишим керак. Машғулотлар яхши кечмоқда, шунинг учун олдимга 100 метрли масофани 35 сонияда босиб ўтишни мақсад қилиб қўйдим. Мен ўз натижамни яхшилай оламан”.

“Айта оламанки, мен ўз саломатлигим билан фахрланаман. Бир неча кун олдин тиббий кўрикдан ўтдим ва шифокорлар менга гижинглаган тойдек соғломлигимни айтишди. Балки ақлим аввалгидек эмас, аммо жисмоний жиҳатдан мен тип-топман”.

Усэйн Болт муваффақиятлари ҳақидаги саволга “У ҳали мен билан югургани йўқ”, дея жавоб берди.