Англия футбол уюшмаси “Арсенал” ўйинчиси Габриэл Паулистанинг АПЛнинг 6-турида “Челси”га қарши учрашувда олган қизил карточкасини бекор қилди. Учрашув 2:0 ҳисобида “аристократлар” фойдасига ҳал бўлганди.

Бу карточка бразилиялик футболчининг 3та ўйинга четлатилиши билан хавф солаётган эди.

“Канонирлар” ушбу қарор юзасидан Англия футбол уюшмасига даъво аризаси беришди ва уюшма бу қарорни қондирди.

Бироқ уюшма футболчининг учрашувдаги спортчига хос бўлмаган хатти-ҳаракатини алоҳида кўриб чиқади ва бу борадаги айблов ўз кучида қолмоқда.

24 ёшли футболчи 23 сентябрда Англия Лигаси кубогида “Тоттенхэм”га қарши тўп сура оладиган бўлди.

Паулистадан ташқари, Англия футбол уюшмаси Диего Коста, Санти Касорла, “Челси” ва  “Арсенал”га ҳам айблов қўймоқда.