Жанубий Корея Транспорт вазирлиги чоршанба, 23 сентябрь куни BMW компанияси брендининг маҳаллий импортёри мамлакатда сотилган 55,737 дона автомобилни тасма таранглигини таъминловчи қурилмаларда аниқланган муаммолар сабабли қайтариб олишини маълум қилди. Бу ҳақда “Ёнҳап” агентлиги маълум қилди.

Ер, инфратузилмалар ва транспорт вазирлиги маълумотига кўра, BMWнинг 24та моделида тасмалар таранглигида носозлик аниқланиб, бу ҳол ҳаракат пайтида автомобиль бошқарувининг йўқолишига олиб келиши мумкинлиги маълум қилинди.

Қайтариб олинаётган барча автомобиллар 2007 йилнинг 13 ноябридан 2013 йил 29 июнига қадар ишлаб чиқарилган.

Шунингдек, BMWнинг айрим моделларида олд йўловчи хавфсизлик камари таранглиги билан боғлиқ муаммолар мавжудлиги ҳам аниқланган. Вазирлик 2014 йил 30 октябридан декабригача ишлаб чиқарилган 4 моделда мазкур муаммони аниқлаган.

Носозлик аниқланган мазкур автомобиллар BMW томонидан 23 сентябрдан бепул таъмирлаб берилиши бошлангани маълум қилинди.

Шу билан бирга, Harley-Davidson компаниясининг Жанубий Кореядаги импортёри Kiheung Motors ҳам 2014-2015 йилларда ишлаб чиқарилган мотоциклларда аниқланган сифатсиз бензин насосларини бепул алмаштириб бериш бошланганини маълум қилди.