Сергей Лушчан истеъфога чиққанидан кейин, “Бунёдкор” ФК раҳбарияти асосий жамоанинг Ўзбекистон чемпионати ва кубогидаги иштироклари учун жавобгарлик масъулиятини клубнинг бош директори Бахтиёр Бобоев зиммасига юклатишни маъқул топди. Бу ҳақида жамоанинг расмий сайтида маълум қилинган.

"Бахтиёр Бобоев футбол жамоатчилигига бир қанча жамоалардаги иштироки, шунингдек “Косонсойчи” ва “Навбаҳор” жамоаларидаги мураббийлиги билан яхши таниш. 1996 йили Бахтиёр Бобоев бошчилигида “Навбаҳор” мамлакат чемпионлигини қўлга киритган эди.

У Муборакнинг “Машъал” футбол мактабини ташкил этиш ва шакллантиришга катта ҳисса қўшган.

2007 йилдан буён “Бунёдкор” ФКда фаолият юритиб келмоқда. Аввалига клубнинг спорт директори, кейинчалик бош директор лавозимида фаолият олиб бормоқда. Бахтиёр Бобоев клуб тизимидаги барча ишларга доимо бошчилик қилган. Шунингдек, мураббийлар штаби ва асосий таркибдаги футболчиларнинг имкониятларини яхши биладиган мутахассис ҳисобланади.

2015 йилги мавсумнинг якуний босқичидаги масъулиятли учрашувларда Бахтиёр Бобоев ва жамоаимизга муваффақиятлар тилаймиз", дейилади хабарда.