Ҳиндистонда поездда бешта портловчи қурилма топилди. Бу ҳақда The Times of India нашри маълум қилди. Воқеа Ғарбий Бенгалия штатидаги Хаура шаҳридаги станцияда юз берди.

Станцияга келган поездни тозалаётган ходимлардан бири шубҳали пакет топиб олган ва портловчи моддалар бўйича мутахассисларни чақиртирган. Сапёрлар пакет ичида сув қувуридан тайёрланган бешта цилиндрсимон жисмни аниқлашган. Пакет махсус контейнерга солиниб, портлатиб юборилган.

Мутахассислар жисмлар қолдиқларини текширишгандан кейин, ҳар бир қувур ичида портловчи модда бўлганини аниқлашган. Хавфли юк эгаси ҳозирча топилмаган. Полициянинг фикрича, бу жисмлар қўлбола миналар бўлиб, наксалит-партизанлар учун мўлжалланган бўлган.

Наскалитлар Ҳиндистондаги қуролланган маочилар гуруҳи бўлиб, улар Ҳиндистон ҳукуматига қарши қабилалар уюшмаси ва ери йўқ деҳқонларнинг манфаатлари йўлида кураш олиб борадилар. Улар жунгли ўрмонларида беркиниб, амалдорлар ва полициячиларга ҳужумлар уюштириб турадилар. Машҳур ҳинд актёри Митхун Чакраборти ҳам бир вақтлар наскалитлардан бири бўлган. Ҳиндистон ҳукумати наскалитларни мамлакат хавфсизлигига таҳдид солаётган бош хавф деб ҳисоблайди.