“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази фуқароларнинг ҳаётий қадрият ва мақсадларини ўрганишга бағишланган ижтимоий сўров ўтказди. Бу ҳақда УзА хабар берган.

“Ижтимоий фикр” маркази жамиятимизда қарор топган қадриятларни чуқур ва ҳар томонлама ўрганиш бугун дунёда рўй бераётган ижтимоий-сиёсий воқеаларни теран англаш учун муҳим илмий-амалий аҳамиятга эгалигини ҳисобга олган ҳолда мамлакатимиз фуқароларининг маънавий-ахлоқий фазилатлари ва қадриятларга муносабатини мониторинг режимида ўрганмоқда ва бу қадриятларимизни ривожлантиришнинг асосий йўналишларини, ҳамюртларимизнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий, ҳуқуқий маданияти ва онгини аниқлаш имконини бермоқда.

Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ўтказилган бу галги сўровда турли ижтимоий гуруҳлар вакиллари, турли миллат ва динга мансуб кишилар, шаҳар ва қишлоқ аҳолиси иштирок этди.

Тадқиқот натижалари маънавий-ахлоқий қадриятлар ва инсонпарварлик ғоялари, жумладан, ватанпарварлик, ватанга муҳаббат, унинг тарихий ва маънавий меросидан фахрланиш туйғуси Ўзбекистон фуқаролари учун муҳим ўрин тутишини, яшаш жойи, жинси, ёши, миллати, маълумоти ва моддий аҳволидан қатъи назар, уларнинг аксарияти учун муҳим ҳисобланишини кўрсатди.

Фуқароларнинг кўпчилиги ҳаётда ўзининг муайян мақсадига эга бўлиб, уларга эришишга интилмоқда. Сўровда қатнашганларнинг аксарияти учун оила қуриш, билим олиш, фарзанд тарбияси, фаровонлик ва барқарорлик устувор йўналишлар ҳисобланади. Масалан, олий маълумотга эга бўлиш, ўзи учун керакли касбни танлаш, ўз салоҳиятини юзага чиқаришга интилиш, ватанга хизмат қилиш ёшларнинг ҳаётдаги энг муҳим мақсадларидир.

Сўровда иштирок этганларнинг 86,5 фоизи асосий мақсадига эришишига ишонади ва мамлакатимизда бунинг учун барча зарур шароит ва имкониятлар яратилган, деб ҳисоблайди.

Мониторинг натижаларига кўра, Ўзбекистонда меҳнат энг муҳим ҳаётий мезонлардан биридир. Мамлакатимиз аҳолиси учун меҳнат фаолияти жамиятга хизмат қилиш, мамлакат ва унинг фуқароларига фойда келтириш имкониятидир. Сўнгги йилларда ўз ижодий салоҳиятини рўёбга чиқаришга интилаётган фуқаролар кўпаймоқда, улар учун қизиқарли иш билан шуғулланиш касб танлашда муҳим омил ҳисобланади. Бу кўпроқ ёшлар орасида намоён бўлмоқда.

Фуқароларнинг ўз билими ва касб малакасини оширишга интилиши аҳолининг ҳаётий мақсадлари тизимида муҳим ўрин тутади. Истиқлол йилларида ушбу тенденция янада кучаймоқда.

Ижтимоий сўров давомида ижтимоий-сиёсий қадриятлар муҳим аҳамиятга эга экани аён бўлди. Масалан, мустақиллик йилларида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда уларга риоя этишни кафолатлайдиган барча шароит яратилгани аксарият фуқаролар учун алоҳида аҳамиятга эга. Тадқиқот натижаларига кўра, сўров қатнашчиларининг 92,9 фоизи ўзини тўлиқ ҳуқуқий ҳимояланган, деб билади.

Мухтасар айтганда, мазкур ижтимоий тадқиқот Ўзбекистон аҳолиси демократик қадрият ва олий мақсадларни тўлиқ қўллаб-қувватлашидан далолат беради. Уларнинг аксарияти Президентимизнинг демократик ҳуқуқий давлат қуриш йўлида олиб бораётган сиёсатини қўллаб-қувватлайди. Уларнинг фикрича, мамлакатимиз келажаги ва фаровонлигини таъминлашга қаратилган вазифаларни ҳал этиш учун ҳар биримиз масъулмиз.