Instagram фотохизматидан фойдаланувчилар сони 400 миллион кишидан ошди.

Ижтимоий тармоқ расмий блоги хабарига кўра, сўнгги 9 ой ичида 100 миллион киши рўйхатдан ўтган. Уларнинг ярмидан кўпроғи Европа ва Осиёда фотохизматдан фойдаланишни бошлаган. Аксарият фойдаланувчилар эса Бразилия, Япония ва Индонезияда истиқомат қилишади. Шунингдек, инстаграммерларнинг 25 фоизи АҚШ фуқароларидир.

Бу давр ичида оммавий мобил илова орқали Плутон сайёраси сатҳининг илк тасвирлари, УЕФА Чемпионлар Лигаси финалининг нишонланиши, шунингдек, Намибиядаги саҳрода жойлашган кўланка-шаҳар каби кўпчиликка номаълум ва яширин масканлар суратлари эълон қилинди.

Мазкур хизматга 2010 йилнинг октябрида асос солинган бўлиб, икки ойнинг ичида бир миллиондан ортиқ фойдаланувчига эга бўлди. 2013 йил февралида эса унинг ҳар ойлик аудиторияси 100 миллиондан ошди. Айни пайтда ҳар куни иловага 80 миллионтага яқин фотосурат жойланади. Бугунги кунга қадар эса ижтимоий тармоқда 40 млрддан зиёд фотосурат эълон қилинган.