Ўзбекистоннинг биринчи рақамли теннисчиси Денис Истомин Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида давом этаётган мукофот жамғармаси 1 миллион 30 минг долларни ташкил қилувчи турнирдаги иштирокини ғалаба билан бошлади.

Истомин 22 сентябрь куни кечаси жуфтликлар мусобақасининг илк даврасида кортга чиқди. Беларуслик Александр Бурий билан жуфтлик ҳосил қилган Истомин австриялик Андреас Хайдер-Маурер ҳамда словакиялик Игор Зеленай ҳамкорлигини 4:6, 7:6, тай-брекда 10:8 ҳисобида таслим этди. Бу ҳақда olamsport.com нашри хабар берган.

Бугун Денис ушбу турнирнинг яккалик баҳслари илк босқичида қозоғистонлик Михаил Кукушкинга қарши кортга чиқади.

Кукушкин турнирда 8-рақам остида таснифланган бўлиб, дунё рейтингида 48-поғонадан жой олган. Истомин эса 62-ўринни эгаллаб турибди.

Ушбу жуфтлик ғолиби иккинчи даврада катта эҳтимол билан германиялик Бенжамин Беккер билан тўқнаш келади. Беккер илк даврада қозоғистонлик Андрей Голубев билан муносабатларига ойдинлик киритиб олади. St.Petersburg Open турнири ғолиби 187 350 доллар мукофот пули ҳамда 250 рейтинг очкосига эга бўлади.