Жанубий Кореянинг автомобиль ишлаб чиқарувчи Hyundai Motor компанияси ишчилари қисман иш ташлашларни бошлади, дея хабар бермоқда касаба уюшмаси вакиллари.

Иш ташлашларга автогигант раҳбарияти билан олиб борилган ишчилар ойлик маошини ошириш тўғрисидаги музокараларнинг бузилгани сабаб бўлди.

“Иш ташлашлар кунига саккиз соатдан – тўрт соат кундузги, шунча вақт тунги сменада ташкил этилади”, - дейилади касаба уюшмаси хабарида. Иш ташлаш пайшанба куни ҳам давом этиб, жума куни эрталабдан ишчилар ўз қуролларига биратўла 6 соат “дам беришади”.

Касаба уюшмасининг Hyundai Motor раҳбарияти билан музокараларнинг навбатдаги раунди 1 октябрда бўлиб ўтади.

Мазкур иш ташлашлар сабабли компания акциялари биржада 1,52 фоиз - 161500 вон ($137,6)гача арзонлади.

Касаба уюшмаси эса ишчилар ойлик маошини 7,84 фоизга оширишни талаб қилмоқда.