Франция президенти Франсуа Олланд Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисий билан Россияга мўлжалланган “Мистраль” русумидаги иккита вертолёт ташувчини сотиб олиш шартлари бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда “Франс Пресс” ахборот агентлиги маълум қилди. 

23 сентябрда юқори лавозимдаги мисрлик шахслар делегацияси Парижда “Мистрал”ларни сотиб олиш шартларини муҳокама қилаётганлари, бироқ томонлар кемаларнинг якуний нархи бўйича келиша олмаётганлари маълум қилинганди.

Аввалроқ маълум қилингандек, “Мистрал”лардан бири Қизил денгизда, иккинчиси Ўрта Ер денгизида хизмат ўтайди.

2014 йилдан бери Миср Франциядан ҳар бирининг нархи 1 млрд евро турадиган 4 та Gowind корвети, 900 млн евролик FREMM фрегати ва умумий қиймати 3 млрд евро турадиган 24 та Rafale қирувчи самолётини сотиб олган эди. Миср Франциядан яна 1,1 млрд еврога бошқа турдаги қурол-аслаҳалар сотиб олган.