ОАВ: Россияда гўдакларнинг мурдалари кўчалардан топилиши ҳоллари кўпаймоқда

Жамият 23 Сентябрь 2015 4061

Ушбу ойда Россиянинг турли бурчакларида янги туғилиб, оналари томонидан ташлаб кетилган чақалоқларнинг жасадлари топилиш ҳолатлари кўп кузатилди. 17 сентябрда Москвада нафақахўр аёл чиқинди қутисида гўдак мурдасини топиб олди.

Шундай ҳолат 8 сентябрь куни Нижний Новгородда рўй берганди. 1 сентябрь куни эса Зеленчукда узоқ муддат бино ичида ётган мурғак бола қолдиқлари топилди. 31 август куни ҳам Москвада шундай ҳолат юз берганди.

2010-2013 йилларда Россияда оналар томонидан янги туғилган чақалоқларнинг ўлдирилиши билан боғлиқ 430 жиноят содир этилган. Журналистлар ва таҳлилчиларнинг таъкидлашича, бу мамлакатдаги жиддий муаммолардан бирига айланиши мумкин.

Таҳлилчи Александра Федотованинг таъкидлашича, бундай ҳолатларда болаларнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг энг осон йўли ўзига хос бэйби-бокслар ўрнатишдир. Ҳомиладан ёки фарзандидан қутулишни истайдиган қизлар сони бугунги жамиятда борган сайин кўпайиб бормоқда экан, ҳам оналарнинг, ҳам болаларнинг манфаатларини эътиборга олиш лозим, деб ҳисоблайди у.

Бэйби-бокслар тиббий ёки диний ташкилот деворидаги кичикроқ ойнача бўлиб, оналар у ерда болаларини ташлаб кетишлари мумкин бўлади. У ерда камералар ҳам, қўриқчилар ҳам бўлмайди, лекин оналарга ёрдам кўрсатиш маркази ишонч телефонлари ишлаб туради. Айрим оналар учун бу ўз қарорини ўзгартириш имконияти ҳам бўлиши мумкин. Агар болага тан жароҳати етказилмаган бўлса, полиция унинг онасини таъқиб қилмайди. Агарда она фикридан қайтса, ўз қариндошлигини исботлаш йўли билан фарзандини олиб кетиши мумкин бўлади.

Россияда бундай ойналар 2011 йилда бир қанча хайрия ташкилотлар кучи билан ўрнатила бошланган. Айни пайтда мамлакатнинг 11 вилоятида 20 бэйби-бокс ўрнатилган. Бу вақт ичида уларга 34 бола ташлаб кетилган.

Шунга қарамай, айрим сиёсатчилар ва фаоллар бундай хизматнинг жорий этилишига қарши чиқмоқда. Улар орасида Россия президенти ҳузуридаги бола ҳуқуқлари бўйича масъул Павел Асхатов бор. Унинг фикрича, бу гўёки федерал қонунчиликка зид келади, негаки “ҳар бир бола ўз ота-оналари кимлигини билишга ҳақли, бу ҳуқуқий расмийлаштирилиши лозим”.

Эксперт Елена Котованинг таъкидлашича, бундай қарама-қаршиликларга анъанавий қадриятлар ва болаларни сақлаб қолиш зарурати тўқнаш келиши сабаб бўлмоқда.

Кўпроқ янгиликлар