Бугунги кунда Ўзбекистон аҳолиси 31 млн дан ортиқ бўлиб, 130дан ортиқ миллат ва элат вакилларидан иборатдир. Аҳолининг 94 фоизи исломга эътиқод қилади, 3.5 фоизи православлар, қолганлар эса бошқа динларга эътиқод қилади.

Бу маълумотлар ҳукумат қошидаги дин ишлари бўйича қўмита матбуот котиби Шавкат Ҳамдамов томонидан келтирилди.
Унинг сўзларига кўра, мамлакатда 16 конфессиядаги 2 238 диний ташкилотлар рўйхатга олинган, улардан 2 064таси мусулмон ва 157таси христиан диний ташкилотларидир.

Бундан ташқари, 8 яҳудий, 6 баҳоий жамиятлари, Кришна жамияти ва буддавийлик ибодатхонаси, конфессиялараро Библия жамияти ўз фаолиятини юритмоқда. Миллий қонунчиликда диний ташкилотлар миқдори ёки уларни рўйхатга олиш муддатлари борасида чекловлар кўзда тутилмаган.