Ўзбекистон Республикаси ҳукумати 2015 йил 15 сентябрь куни «Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ижроси юзасидан чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Мазкур ҳужжатда ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича шартномада суғурта пули бир йўловчи ҳажмида 11 минг доллар, шу жумладан, 10 минг доллар йўловчининг ҳаёти ва саломатлигига яна 1 минг доллар унинг мол-мулкига етказилган зарарни қоплаш учун белгиланди.

Авваллари Ўзбекистон Республикасининг транспорт воситаларида умумий фойдаланишдаги ҳаво, темир йўл, ички сув ва автомобиль транспорти чиптасига эга йўловчиларни мажбурий суғурталаш бўйича суғурта бадали бир йўловчи учун энг кам ойлик иш ҳақининг 40 баравари миқдорида белгиланган эди. Эркин конвертация қилинувчи хорижий валютага хариб қилинган чипта бўлган тақдирда, суғурта миқдори 20 минг долларни ташкил этган.

Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш қоидаларида йўловчи кўрган маънавий зарар ва (ёки) йўқотилган фойда учун бадал суғурта ҳолатига тегишли бўлмаслиги белгиланди.

Шунингдек, шикастланган ёки йўқотилган антиквар ва бошқа ноёб ашёлар, қимматбаҳо ва яримқимматбаҳо тош ҳамда металлардан тайёрланган буюмлар, диний эътиқодга оид қимматликлар, санъат намуналари, қўлёзмалар, нодир аудиовизуал ижод намуналари ва бошқа интеллектуал фаолият натижалари, шунингдек, қимматбаҳо қоғоз, нақт пул, шу жумладан хориж валютаси ҳам суғурта ҳолати ҳисобланмайди.