Таниқли актёр Шонн Пенн "Империя" сериали режиссёри Ли Дэниелсни судга берди. Ушбу Голливуд актёри режиссёрдан 10 млн доллар талаб қилмоқда. Бу ҳақда Deadline нашрида ёзилган.

Маълум қилинишича, бунга режиссёрнинг бироз олдинроқ The Hollywood Reporter нашрига берган интервьюси сабаб бўлган.

Ўшанда у Пенн билан бошқа бир актёр, жинсий зўравонликда айбланган Терренс Ховард билан солиштирганди.

"Терренс деярли ҳеч нарса қилмади. Ҳарҳолда Шонн Пенн ёки Марлон Брандодан орттириб ҳеч нарса қилгани йўқ. Унга эса қандайдир иблисга қарагандек қарашмоқда. Бу замонавий Американинг кўриниши", деганди Дэниелс.

Шонн Пеннинг вакиллари режиссёрнинг сўзлари ёлғон ва туҳматдан иборат эканини таъкидлашмоқда. Улар Шонн Пенн аёллар билан зўравонларча муносабатда бўлмаслигини айтишган.

"Шонга доимий равишда бундай туҳматлар билан ҳужум қилиб келишади. У адолат бўлишини истайди", дейди актёрнинг оқловчиларидан бири.  

Терренс Ховард "Харт уруши", "Август Раш", "Темир одам" каби фильмлардаги роллари орқали мухлисларга таниш. У 2001 йилда ўз рафиқасига нисбатан зўравонларча муносабатда бўлгани ва бошқа бир қатор жиноятларда айбланиб, ҳибсга олинганди. Бундан ташқари, 2012 йилда актёрнинг собиқ маҳбубаси ўзининг у томонидан калтаклангани бўйича судга мурожаат қилган.

Пенн эса "Сирли дарё" ва "Харви Милк" фильмларидаги ижролари учун 2 марта Оскар мукофоти билан тақдирланган. Шунингдек, у режиссёр сифатида 15 йил олдин АҚШда содир этилган теракт бўйича "11 сентябрь" фильми ҳамда "Ёввойи шартлар" картинасида ишлаган. Ушбу актёр 2 марта уйланган, биринчи рафиқаси машҳур хонанда Мадонна, кейингиси Робин Райт ҳисобланади. Шонн Пенн 1980-йилларда суратга олиш майдончасида фотографга ҳужум қилгани учун ҳибсга олинган, 1980 йилда эса зўравонликда айбланган.