Хитой иқтисодиёти барқарор ва тез суръатларда ўсишда давом этади. Бу ҳақда ХХР раиси Си Цзиньпин АҚШнинг Сиэтл (Вашингтон штати) шаҳрида ташкил этилган Америка-Хитой муносабатлари миллий қўмитаси ва Америка-Хитой тадбиркорлар кенгашининг тантанали қабул маросимида айтиб ўтди.

“Хитой иқтисодиёти мустаҳкамлигини сақлаб қолади, у етарлича тез суръатларда ривожланади, – деди Хитой етакчиси. – Айни пайтда унинг кўрсаткичлари мақбул даражада. Унинг ўсиши биринчи яримйилликда 7 фоизни ташкил этди. Иқтисодиёт дунёдаги энг юқори суръатларда ривожланиб бормоқда. Бунга, дунё иқтисодиётидаги мураккаб вазиятга қарамасдан, осонликча эришилгани йўқ”.

“Айни пайтда барча мамлакатлар иқтисодиёти қийинчиликлар билан тўқнаш келмоқда. Бизнинг иқтисодиёт ҳам босим остида”, – дея қўшимча қилди ХХР раиси. У қийинчиликлар бўлишига қарамасдан, уларни енгиб ўтишга ишонч билдирди.

ХХР етакчисининг таъкидлашича, Хитой иқтисодиёти ислоҳотлар ва очиқ кўринишдаги иқтисодиётни қуриш суръатларини ошириш йўлидан бормайди. “Бизнинг биринчи галдаги мақсадимиз – босқичма-босқич тараққий этиш”, - дея қўшимча қилди e.

Си Цзиньпиннинг сўзларига кўра, Хитой экспортни рағбатлантириш учун миллий валюта курсини туширмайди.

Мазкур қабул маросимига 800 нафар сиёсатчилар ва тадбиркор доиралар вакиллари, жумладан, АҚШнинг собиқ давлат котиби Ҳенри Киссинжер ва мамлакат Савдо вазири Пенни Прицкер таклиф этилди. Ушбу сафар чоғида Хитой етакчиси Apple, Microsoft, Boeing ва бошқа Америка иқтисодиётининг “капитанлари” раҳбарлари билан ҳам учрашиши мумкин. Шу сабабдан ХХР делегацияси таркибида 15та йирик компания, жумладан, Alibaba Group ва Tencent, Lenovo, ICBC ва Bank of China банклари вакиллари ўрин олган.