Суриядаги мусулмонлар бутун дунё бўйлаб Қурбон ҳайити байрами бўлиб ўтадиган 24 сентябрь кунида мамлакатдаги сиёсий можаролар туфайли ҳалок бўлганлар хотираси учун байрам қилишмайди. Бу ҳақда РИА Новости Дамашқ шаҳридаги муфтийлар идорасига асосланиб хабар берган.

"Суриядаги барча мусулмонлар жангарилар томонидан эгаллаб олинган ҳудудларда ўлдирилган миллатдошлари хотираси учун бу йили Қурбон Ҳайити байрамини нишонламасликка қарор қилишди", деб маълум қилган суриялик диний уламолардан бири.

БМТ томонидан маълум қилинишича, 2011 йилнинг мартидан буён давом этиб келаётган сиёсий можаролар туфайли Сурияда 220 минг нафардан ортиқроқ киши ҳалок бўлди. Сурияда тинч аҳоли вакилларидан ташқари мамлакат армияси аскарлари "ИШИД" ва "Жибҳод ан-Наср" гуруҳи жангариларига қарши тўқнашувларда ҳалок бўлади.