“Ўзтрансгаз” махсус техникаларнинг катта партиясини сотиб олади

Ўзбекистон 24 Сентябрь 2015 2297

“Ўзтрансгаз” сиқилган табиий газ ташиш учун мўлжалланган махсус техникалар ва автоцистерналарни сотиб олиш бўйича Самарқанд автомобиль заводи ҳамда JV MAN Auto-Uzbekistan қўшма корхонаси билан икки йирик шартномани имзолади. Бу ҳақда Sputnik агентлиги компаниядаги ахборот манбасига таяниб хабар берди.

Шартномалар доирасида MAN маркали 43та автоцистерна ва 63 дона Isuzu русумли махсус автомобиль сотиб олиш кўриб чиқилмоқда.

“Биз JV MAN Auto-Uzbekistan билан тузилган шартнома бўйича тўловни амалга оширдик, айни пайтда шатакчи автомобиллар тайёр ва уларга цистерналарни тайёрлаш ишлари олиб борилаяпти. 2015 йил 1 декабрь - барча техникаларни етказишнинг охирги муддати”, - деди ахборот манбаси.

Шу каби техникалар паркининг кенгайтирилиши қиш мавсумида аҳоли ва ижтимоий тармоқларни сиқилган табиий газ билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Бугунги кунда компания бутун республика бўйлаб 942,34 минг хонадонга сиқилган табиий газ етказиб бермоқда.

Бу борадаги эҳтиёжларни қондириш мақсадида “Ўзтрансгаз” компанияси сўнгги йилларда 45та газ тўлдирувчи станция ва пунктлар, газ баллонларини тарқатиш бўйича 209та хизмат кўрсатиш марказларини ишга туширди, сиқилган табиий газ ташиш учун 222та вагон-цистерна ва 58 автоцистерна сотиб олди.

2014 йилнинг ўзида компания 31та MAN автоцистернаси ва 55та махсус Isuzu автомобили сотиб олди.

Шунингдек, аҳолини узлуксиз равишда табиий газ билан таъминлаш учун “Ўзкимёсаноат” компанияси билан сиқилган газни ишлаб чиқарувчи заводдан аҳолига етказиб беришни ташкил этиш мақсадида 60та махсус вагон-цистернани ижарага олиш бўйича шартнома тузилган.

2018 йилда эса Ўзбекистонда умумий қиймати 212 миллион доллардан зиёд бўлган сиқилган табиий газ ишлаб чиқарувчи янги завод қурилиши ўз ниҳоясига етиши режалаштирилган. Мазкур саноат объектининг қуввати йилига 350 минг тонна сиқилган табиий газ ишлаб чиқаришга мўлжалланган.

Кўпроқ янгиликлар