Ўзбек шоу-бизнес оламида янги пайдо бўлиб, Аиша тахаллуси остида ижод қилишни бошлаган хонанданинг "Яна-яна" деб номланган таронасига ишланган клип бадиий кенгаш чиғириғидан ўтмади. Ўзбек ва араб тилларида ижро этилган қўшиқ премьераси эса "Ўзбегим таронаси" радиосида бўлиб ўтган.
Хабар қилинишича, журналист билан бўлиб ўтган интервьюда хонанда тарона муалифи ўзи эканлигини айтиб ўтган. Мусиқа сайқали устида эса Жасур Бадалбоев иш олиб борган. Эътиборлиси, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси қошидаги бадиий кенгаш рухсати олинмаган таронага Орифжон Файзиев томонидан видеоклип ҳам тайёрлаб қўйилган.
Эслатиб ўтамиз, мамлакатимиздаги теле ва радиоканалларда эфирга узатилаётган, кафе ва ресторанларда мониторлар орқали намойиш этилаётган миллий менталитетимизга тўғри келмайдиган, маънавиятимизга зид бўлган клиплар, кўрсатув ва эшиттиришларни чеклаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2015 йил 15 июнда махсус Ҳаракат дастури тасдиқланган. Мазкур дастур доирасида 2015 йилнинг 1 августидан бошлаб барча телеканалларнинг бадиий кенгаши “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси қошида фаолият кўрсатишни бошлади.