Жанубий Кореяда 65 ва ундан ошган кексалар сони 2015 йилда рекорд даражани ташкил этди. Бу ҳақда “Ёнҳап” агентлиги маълум қилди.

Статистик маълумотларга кўра, Корея Республикасида истиқомат қилаётган 50,61 миллион аҳолининг 13,1 фоизи 65 ва ундан ошган фуқаролардир, 2014 йилги ҳисоб-китобларда эса ушбу кўрсаткич 12,7 фоизни ташкил этган.

Бу мамлакат тарихидаги энг юқори кўрсаткич бўлиб, статистик маълумотлар юритила бошлаган 1960 йилда умумий аҳолининг 2,9 фоизигина нафақа ёшидаги кексалардан иборат бўлган.

Агентликнинг тахмин қилишича, ушбу рақамлар ўсишда давом этиб, 2020 йилда аҳолининг 15,7 фоизи кексалик ёшида бўлади, 2030 йилда эса 24,3 фоиз аҳоли 65 ёшдан ошганлигини нишонлайди. 2060 йилда бу кўрсаткич энг юқори чўққисига чиқиб, фуқароларнинг 40,1 фоизи кексалардан иборат бўлади, дея башорат қилинмоқда.

Маълумотларга кўра, 2014 йилда кексаларнинг 31 фоиздан зиёдроғи меҳнат билан машғул бўлган. 2013 йилда эса бу кўрсаткич 30,9 фоизни ташкил этган.

Шунингдек, 2015 йилда 55-79 ёшли фуқароларнинг 61 фоизи ўз меҳнат фаолиятини давом эттириш истагини билдирган.
Айни пайтда 55-79 ёшдаги кексалар олаётган ўртача нафақа пули 490 минг вон (411,8 доллар)ни ташкил этсада, нафақахўрларнинг ярмидан кўпи ойига 100-250 минг вон олишади.