Ўзбекистондан ҳаж сафарига чиққан зиёратчилар Арофат сари йўл олдилар

Ўзбекистон 24 Сентябрь 2015 3942

23 сентябрь куни Ўзбекистондан ҳаж сафарига чиққан зиёратчиларимиз Мино водийсидаги қароргоҳда бомдод намозини ўқиб, Арофат сари йўл олдилар. Кун чиққунга қадар юртдошларимиз Арофатда ишчи гуруҳ томонидан ҳозирлаб қўйилган чодирли қароргоҳга жойлашдилар.Зиёратчиларимиз дуолар ижобат бўладиган ушбу муқаддас маконда тавба-тазарру, ибодат ҳамда ўзларининг энг эзгу орзуларини амалга ошишини Аллоҳдан сўраб дуо қилиш билан машғул бўлмоқдалар. Республикамиздан ишчи гуруҳ ва элликбошилар таркибида келган етук уламо ва қориларнинг маърузалари ва Қуръон оятларининг қироатлари мароқ билан тингланмоқда.
Гуруҳ раҳбарлари томонидан юртдошларимизга ҳаж амалларининг шаърий жиҳатдан мукаммал бажариш юзасидан зарур тушунчалар бериб борилмоқда. Шифокорлар гуруҳи аъзолари ҳамюртларимизнинг соғлиқларини доимий назоратга олганлар.
Зиёратчилар иссиқ кунда қийналиб қолмасликлари учун чой, чанқовбости шарбат ва қатиқлар узлуксиз тарқатиб борилмоқда. Ошпазларимиз томонидан ширин қилиб тайёрланаётган миллий таомлар ҳамюртларимизнинг таҳсинига сазовор бўлмоқда.
Юртдошларимиз ўз дуоларида мамлакатимизга тинчлик ва барқарорлик, меҳнаткаш ҳалқимизга фаровонлик, айниқса, ушбу кунларда пахта терими билан машғул деҳқонларимизнинг ҳосилига барокат, давлатимизга янада юксалиш, мамлакатимизнинг истиқлоли ва бугунги кундаги равнақини таъминлаб келаётган муҳтарам Президентимизга сиҳат-саломатлик тилаб, дуолар қилмоқдалар.

Дин ишлари бўйича қўмита ахборот хизмати / religions.uz

Кўпроқ янгиликлар