Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров Маккада 24 сентябрда ҳаж пайтида юз берган тиқилинчни “Тангрининг катта инъоми” деб атади. Қодиров бундай фикрни “Русская служба новостей” ахборот агентлигига берган интервьюсида айтиб ўтди.

“Мино водийсида юз берган воқеа – ҳақиқатда фожиадир. Бироқ биз бундай дея олмаймиз, чунки Саудия Арабистонига ҳаж сафарига борувчи ҳар бир мусулмон, у ерда ўлим топишни истайди. Аллоҳ ҳаж сафари пайтида ўлганларнинг барча гуноҳларини кечади. Ҳар бир мусулмон Аллоҳнинг жамолини кўришни истайди. Яъни бу фожиа бир вақтнинг ўзида Тангрининг катта инъоми ҳамдир”, деб айтди Қодиров.

Қодиров шу билан бирга Саудия Арабистони қолган зиёратчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун барча зарур чораларни кўраётганига ишонч билдирди.

Қодиров ҳалок бўлганларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирди. “Аллоҳ уларнинг ҳажларини қабул қилсин. Улар муқаддас кунда, барча мусулмонлар учун муқаддас бўлган жойда оламдан кўз юмдилар, улар бахтли одамлардир, биз уларга ҳавас қиламиз. Аллоҳ улар билан жаннатда кўришишни насиб айласин”, деб қўшимча қилиб ўтди Рамзон Қодиров.

Фожиа Ийд ал-Адҳ байрамининг биринчи куни, 24 сентябрда юз берди. Зиёратчилар йўлда юз берган тиқилинч оқибатида ҳалок бўлдилар.

Ҳаж исломнинг беш фарз амалидан бири ҳисобланади. Ҳаж беш кун давом этади: бу вақт давомида Каъба атрофида 7 марта айланиш, Арофат тоғида белгилан вақт давомида туриш, Сафо тоғидан Марва тоғи орасида 7 марта югуриб ўтиш, шайтонни билдирувчи устунга етти тош отиш керак. Ҳаж амали қатъий тартибда амалга оширилади ва агар унинг асосий амаллари бажарилмаса, ҳаж сафари қабул қилинмаган ҳисобланади. Ҳаж сафарини амалга оширган зиёратчилар ҳожи унвонига сазовор бўладилар.