Суриялик муҳожир ҳақида Россия матбуотида тарқатилган маълумотлар ёлғон бўлиб чиқди

Жамият 24 Сентябрь 2015 10483

Бугун Россиянинг интернет нашрларида Венгрияда мухбир аёл томонидан чалиб йиқитилган суриялик қочқиннинг “ал-Қоида” жангчиси бўлиб чиққанлиги ҳақида ёлғон ахборот кенг тарқатилди.

Усома Абдулла Муҳсин Сербия билан чегарадаги Реске қароргоҳидан қочаётганида мухбир Петра Лазсло томонидан чалиб йиқитилиши дунёга кенг муҳокамаларга сабаб бўлганди.

Охир-оқибат журналист қиз ишдан ҳайдалди, Муҳсин эса Испанияда футбол мураббийсига айланди.

21 сентябрь куни курдларнинг Ekurd Daily нашри Муҳсин “ал-Қоида”нинг Суриядаги қаноти – “Жабҳат ан-Нусра”нинг жангариси эканлиги ҳақидаги иддаолар билан чиқди. Бунга исбот тариқасида унинг ижтимоий тармоқдаги гўёки ўчириб ташланган саҳифасидан скриншотлар келтирилди.

Бу ҳолатга ўзбекистонлик блогер Сардор Салим эътибор қаратди.

“Баъзи ФБ дўстларим рус пропагандасининг яна бир фэйк маҳсулотини тарқатаяпти”, - деб куйинади эксперт.

“Вести (сайти) айтишича, гўёки террорист бўлиб чиққан тренернинг саҳифаси ФБдан ўчирилганмиш. Ёлғон”, - сўзида давом этди у ва Муҳсиннинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасига йўлланма берди.

“Курдлар унга қўяётган айб, у 2004 йилда тренер сифатида оммавий тартибсизликларга чақирганмиш ва иккита футбол командаси (араб ва курд) болельшчиклари орасидаги можарога сабаб бўлган эмиш. Мана шу унинг “терроризми”, - дейилади хабарномада.

Сўзининг якунида Сардор Салим Россия ахборий каналларига ишора қилган ҳолда буюк рус адиби Булгаковнинг сўзларидан иқтибос келтирди: “Пешингача совет газеталарини ўқиманг, овқат ҳазм бўлмайди”.

Эслатиб ўтамиз, Европага Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадан юз минглаб қочқинларнинг келиши Россияда кескин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда, мамлакатнинг етакчи нашрлари, журналистлари ва экспертлари муҳожирларнинг қабул қилинишига кескин қаршилик қилмоқда. Абдулла Муҳсин ҳақида тарқатилган ёлғон хабарлар эса бу нуқтаи назар тарафдорлари учун қўшимча аргумент бўлиб хизмат қилмоқда. Айнан шу туфайли Россия матбуоти бу хабарни кенг ёритмоқда.

Кўпроқ янгиликлар