Умр сўнгида афсус келтирувчи 5 хато

Lifestyle 24 Сентябрь 2015 43551

Австралиялик ҳамшира Бронни Уэйр узоқ йиллар давомида ҳаётининг охирги 12 ҳафтасини кечираётган умидсиз беморларга қараган. У беморларнинг ўтган умри давомида нималардан афсус чекишганини ёзиб борган ва Inspiration and Chai блогида чоп этган.

Ўзгаларнинг хатосидан хулоса чиқариш уларнинг хатосини такрорламаслик деганидир. Қуйида келтирилаётган хатоларни такрорламаслик ҳамманинг қўлидан келади, деб ўйлаймиз.

1. Бошқалар хоҳлаганидек эмас, ўзим хоҳлагандек умр кечирган бўлардим

Сиз қандай яшашни ўзингиз танлайсизми ёки бошқалар қандай яшашингизни кўрсатиб беришадими? Аксарият кишилар бошқаларнинг кўнглига қараб ҳаёт кечиришади. Барча жабҳаларда яқинлари ёки омма маъқуллаган нарсани танлашади.

Ҳаттоки ўз ҳаётига тааллуқли масалаларда ҳам бошқалар бу ҳақда нима деб ўйлашларига қараб қарор қабул қилишади. 

Оқибатда улар ҳамма кутганидек яшашади. Ҳаётининг аксарият қисми ўзи истагандек эмас, бошқалар истагандек ўтади. 

Нима қилиш керак?

Ўзингизга ишонинг. Агар ўзингиз истагандек яшамоқчи бўлсангиз, ўзгаларнинг танқидига учрайсиз. Уларнинг танқид ва маслаҳатларига хотиржам қулоқ солинг, мабодо уларнинг фикри сизникига мос тушмаса эътибор қаратиб ўтирманг.

Уларнинг ўз фикрларини айтиш ҳуқуқи бўлганидек, сизнинг ҳам уларнинг фикрини эътиборга олмасликка ҳаққингиз бор.

Сиз бошқалар учун эмас, ўзингиз учун яшаяпсиз.

2. Бунчалик кўп ишламаган бўлардим

Ҳозир одамлар илгариги кишилардан ҳам кўпроқ меҳнат қилишмоқда. 

Ота-оналар фарзандларини бобо-бувиларга ёки энагаларга топшириб ишлашмоқда. Одамларнинг ўзаро муносабатлар ва бошқа шахсий ишларга вақтлари йўқ, иш доим биринчи ўринда.

Тўғри, ишламасак тишламаймиз, лекин айримлар учун иш барча нарсадан устивор ўринга чиқиб қолган. 

Нима қилиш керак?

Бирор нарса билан шуғулланиш учун вақт топа олмаслик мумкин эмас. Ҳамма гап нимани биринчи ўринга қўйиш ва вақтни қандай тақсимлашда.

Агар оилавий муносабатларга вақтингиз бўлмаса, демак у сиз учун муҳим аҳамият касб этмайди. Агар тўйингиз бўлиб ўтган кунни нишонлашга вақт топа олмасангиз ёки севимли инсонингизга вақт ажратмасангиз, демак сиз учун улардан кўра иш муҳимроқ. 

Агар спорт билан шуғулланмасангиз, демак жисмоний ҳолатингиз сиз учун охирги ўринда.

Ҳар бир инсоннинг ихтиёрида бир хил – 24 соат вақт бор. Билл Гейтсда ҳам, Уоррен Баффеттда ҳам, Серена Уильямсда ҳам бир суткада 24 соат вақт бор. 

Фақат кимдир ҳеч нарсага улгура олмаётганидан, вақти етишмаётганлигидан нолиб яшаса, яна кимдир ҳар бир дақиқадан унумли фойдаланади.

Вақтингизни нималарга сарфлашингизни ўзингиз танланг.

Ҳаётда сиз учун нима қадрли? Вақтингизни аҳамиятли нарсаларга сарфлайсизми?  

3. Ўз ҳис-туйғуларимни айтиш учун куч топа олардим

Дунёда танҳо инсонлар ҳам топилади. Улар кўркам, маълумотли, ажойиб суҳбатдош, лекин бошқалар билан танишиш ва туйғуларини ошкор этишга уқувлари йўқ. Улар янги танишлар орттириш ва ўз муносабатлар доирасини кенгайтириш имкониятини тез-тез қўлдан чиқаришади.

Ўз қобиғидан чиқмаслик учун улар бошқалар билан танишмаслик, ўз туйғуларини ошкор қилмаслик мақсадида минглаб баҳонаю сабаблар топишади.

Нима қилиш керак?

Қўлдан бой берилган имкониятлар ҳақида афсус чеккандан кўра амалга оширилган ишдан афсус қилган яхши. 

Биринчидан, туйғусини ошкор этган киши дарҳол енгил тортади, иккинчидан, туйғусини айта олган инсон билан муносабати қай тарзда бўлишини аниқ билади ва турли тахмину хаёллар билан қийналмайди. Ҳаттоки рад жавобини олганида ҳам ўша инсон ҳақида ўйлашдан ва бир умр “Агар айтсам нима бўларди?”, деган саволга жавоб излашдан қутулади.

Ўз туйғуларини ошкор қилган инсон билан нима юз бериши мумкин? Нари борса, унга рад жавобини беришлари мумкин, ҳарқалай осмон узилиб ерга тушмайди.

Агарда у инсон ҳам бефарқ бўлмаса, у ҳолда бир умр афсус чекиш ўрнига ҳаётдан мамнун яшаш имкониятига эга бўлади. 

4. Дўстларимни йўқотмаган бўлардим

Мансаб, севги, пул, шахсий ишлар учун кўпинча дўстликдан воз кечилади. Нима учун? Чунки бизга дўстлик абадийдек, ҳар қандай ҳолатда ҳам у сақланиб қоладигандек туюлади. Шунинг учун ишни деб дўстлар билан учрашувдан воз кечамиз, яна бошқа муҳим ишларни деб дўстлар билан дийдорлашувни инкор қиламиз. Кейин эса дўстларимиздан айрилганимиз учун афсус чекамиз.

Нима қилиш керак?

Дўстларингиз сизни учрашувга таклиф қилишларини кутмасдан ўзингиз уларни учрашувга таклиф қилинг. Балки улар сиздан биринчи қадамни ташлашингизни кутишаётгандир.

Агарда улар таклифингизга кўнишмаса, улардан узоқлашиб кетганингиз учун афсус чекмайсиз. Чунки сиз дўстликни сақлаб қолишга ҳаракат қилган бўласиз. 

5. Янада бахтлироқ яшашим мумкин эди

Кўпчилик инсонлар бу ҳаётда ўз ўрнини топмаганлари учун эмас, бахтли бўлиш учун нималарга эришишлари мумкинлиги ҳақидаги тасаввурлари боис ўзларини бахтсиз ҳис этадилар.

Айни пайтда уларнинг аксарияти яхши шароитда яшашади, иш-жойлари тайин, пули етарли, оиласи тўкис бўлади. Лекин шунга қарамай, улар ўзларини бахтсиз ҳисоблашади. Нега шундай бўлади? Чунки бахт моддият билан ўлчанмайди, бахт ҳисси инсоннинг қарашларидан келиб чиқади.

Нима қилиш керак?

Бахт бу ҳар бир инсоннинг ўз танлови эканлигини тушунинг. Кўпчилик кишилар бахт қандайдир омилларга боғлиқ, деб ҳисоблашади. Улар ўзларини нимагадир, қандайдир эҳтиёжларини қондиришга эришишса бахтли бўлишлари мумкин, деб ўйлашади. 

Лекин бахт бир нималарга эришиш орқали ёки улар билан бирга келмайди. Бахт бу сиз ҳозир ҳис қилаётган нарса. Агар истасангиз, ҳозирнинг ўзидаёқ бахтли бўлишингиз мумкин. Фақат гап шундаки, сиз бахтли бўлишни истайсизми?

Булар деярли ҳар бир инсон ўз ҳаётида содир этиши мумкин бўлган хатолардир. Сиз бу борада қандай фикрдасиз? Ҳаётингизда бирор ишни қилганингиз ёки қилмаганингиз учун афсус-надомат чекмайсизми?

Кўпроқ янгиликлар