Испания ҳукумати БМТнинг барқарор ривожланиш мақсадларига эришиши учун 2030 йилга қадар мамлакатда ночорлик чегарасида яшовчи одамларнинг сонини 60 фоизга қисқартириши керак.

Бу ҳақда БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) кўмагида Испаниянинг ноҳукумат ташкилоти Oxfam Intermon томонидан тайёрланган ва чоп этилган ҳисоботида айтилмоқда.

Ҳисоботда қироллик 2016-2030 йиллар давомида амалга ошириши керак бўлган 17 та янги мақсад белгиланган. Улар орасида ночорлик ва очарчиликни бартараф этиш, ҳаммабоп таълимни таъминлаш, тенгсизлик даражасини камайтириш каби вазифалар бор.

Ҳисоботда 2014 йилда аҳолиси 46 млн кишини ташкил қилувчи Испаниянинг 29,2 фоиз фуқароси ночорлик чегарасида яшагани, улардан учдан бирини 18 ёшга етмаганлар ташкил қилгани кўрсатилган. 2030 йилга қадар қироллик бу кўрсаткич 5 млн кишидан кўп бўлмаган даражага эришиши керак. Бу мақсадларга эришиш учун ЮНИСЕФ Испанияга биринчи эҳтиёждаги маҳсулотларни сотиб олиш учун кафолатланган минимал даромад тизимини ишлаб чиқишни таклиф қилди.

ЮНИСЕФнинг Испаниядаги қўмитаси ижрочи директори Хавьер Мартос болалар ўртасида ночорлик даражасини камайтиришнинг зарурлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Унинг айтишича, “бу нафақат уларнинг фаровонлиги ва ҳуқуқларининг бажарилишини таъминлаш нуқтаи назаридан, балки умуман уларнинг келажагини таъминлаш учун муҳимдир”. Ҳисоботга кўра, 2030 йилга қадар Испанияда ночор болалар сони 1,1 млн дан ошмаслиги керак.