25 сентябрда БМТда глобал ривожланиш бўйича саммит очилади. Уч кун давомида 150 дан ортиқ давлат етакчилари ва 30 дан ортиқ вазирлари “Барқарор ривожланиш мақсадлари” ҳужжатини қабул қилишлари керак бўлади. Бу ҳужжат кейинги 15 йил учун глобал фаолият йўналишини белгилаб беради.

2030 йилгача бўлган кун тартибидаги вазифаларни келишиш бўйича музокаралар қарийб 3 йил давом этди. Август бошида 2015 йилдан кейинги глобал ривожланиш вазифалари якуний лойиҳаси БМТга аъзо давлатлар томонидан маъқулланди ва 1 сентябрда БМТ Бош ассамблеяси томонидан қабул қилинди. Ҳужжатда кейинги 15 йил ичида амалга оширилиши керак бўлган 17 та вазифа белгилаб олинди. Бунда очарчилик ва ночорликка барҳам бериш асосий вазифалар сифатида қаралмоқда.

Қолган вазифалар орасида соғлом турмуш тарзи, ҳаммабоп ва сифатли таълимни таъминлаш; жинслараро тенгҳуқуқлик; сув таъминоти ва канализация билан боғлиқ вазиятнинг яхшиланиши; ишончли ва замонавий энергия манбаларини тақдим қилиш; барқарор иқтисодий ўсишга кўмаклашиш ва муносиб иш билан таъминлаш; мустаҳкам инфратузилма қуриш; мамлакатлараро ва мамлакатлар ичидаги тенгсизлик даражасини камайтириш; аҳоли пунктлари хавфсизлигини таъминлаш;

истеъмол ва ишлаб чиқаришнинг оқилона моделларини тузиш; иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича шошилинч чораларни қабул қилиш; денгиз захираларидан оқилона фойдаланиш ва уларни сақлаш; қуруқлик экотизимларини тиклаш; тинчликсевар ва очиқ жамиятларнинг фаолият юритишига кўмаклашиш; барқарор ривожланишга эришиш учун воситаларни мустаҳкамлаш кабилар бор.