Ньюкаслда яшовчи Лайам Лайберд исмли 19 ёшли британиялик ўсмир ўзи таълим олган коллежда оммавий қотиллик амалга оширмоқчи бўлган ва унга тайёргарлик кўргани учун умрбод қамоқ жазосига тортилди, деб маълум қилмоқда The Guardian нашри. 

“Сиз менинг ҳаётимни барбод қилдинглар. Шафқат кутманг. Бўйсунмаслик вақти келди. Фантазиялар ҳақиқатга айланади. Идрок келган жойга, тана ҳам келади ва шак-шубҳасиз одамлар ўлади”, деб қайд қилинган ёзув топилди “бўлажак қотил”нинг компьютерида. Нашрнинг маълумотларига кўра, полициячилар уни қўлга олганларида у телбаларча ҳоҳолаб кулиб, улар кўплаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолишга муваффақ бўлганларини айтиб бақирган.

Маълум қилинишича, “совуқ ва одамови” Лайберд коллеждан четлаштирилгандан кейин аксарият вақтини компьютер ўйинларига ва интернетга бағишлаган ва камдан-кам ҳолларда ўзининг ётоқхонасини тарк этган. Ўсмирнинг ётоқхонасида унинг қурол ушлаб тушган суратлари топилди.

Шунингдек, ўсмирнинг уйидан Glock русумидаги тўппонча, 94 та патрон, қўлбола бомбалар ва кўзни ачиштирувчи газ топилган. Ҳуқуқ-тартибот муассасалари ходимлари ўсмир бундай кўп миқдордаги қурол-аслаҳани қандай қилиб йиғишга муваффақ бўлганини маълум қилишмади.

Лайберд 2013 йилда ўзини номақбул тутгани учун коллеждан четлаштирилган. Унга берилган жазо ҳукмида камида 8 йил қамоқ жазоси назарда тутилган, бу муддат ўтгандан кейин ўсмир муддатидан аввал шартли озодликка чиқарилиш ҳақида илтимоснома бериши мумкин.