Эронда ҳаж пайтида тиқилинч оқибатида ҳалок бўлганлар хотирасига уч кунлик мотам эълон қилинди

Жамият 25 Сентябрь 2015 3234

Эрон Ислом Республикаси олий раҳбари Оятуллоҳ Али Ҳомайний Саудия Арабистонида ҳаж пайтида тиқилинч пайтида ҳалок бўлганлар хотирасини ёд этиб, уч кунлик мотам эълон қилди. Бу ҳақда Эроннинг IRNA агентлиги маълум қилди.
Маълум қилинишича, тиқилинч пайтида ҳалок бўлганлар орасида 131 нафар эронлик ҳам бўлган.

“Ҳалок бўлган зиёратчиларнинг оилаларига ҳамдардлик билдираман ва мамлакатда уларнинг хотирасига уч кунлик мотам эълон қиламан”, деб айтди Ҳомайний.

“Саудия Арабистони ҳукумати ушбу фожиа учун жавобгарликни ўз зиммасига олиши лозим. Чунки масъулиятсизлик ва нотўғри ҳаракатлар ушбу фожиага сабаб бўлди”, деб қўшимча қилиб ўтди Ҳомайний.

Эслатиб ўтамиз, 24 сентябрда, Қурбон ҳайитининг биринчи куни ҳажнинг асосий амалларидан бири – Рами ал-жамарот – “шайтонга тош отиш” амали бажаришга кетаётган зиёратчилар орасида икки йўл туташадиган жойда тиқилинч юзага келган. Бунинг оқибатида 717 нафар зиёратчи ҳалок бўлган, 900 га яқини жароҳат олган. Жабрланганларга Саудия Арабистони фуқаролик мудофаасининг 4 мингдан зиёдроқ ходими ва юзлаб кўнгиллилар ёрдам кўрсатган.

Кўпроқ янгиликлар