Тошкентда 25 сентябрь куни «Миллий журналистикани ривожлантириш истиқболлари: назария ва амалиёт (халқаро тажриба)» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Ўзбекистон ахборот агентлигининг хабар қилишича, тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси, Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Журналистлар ижодий уюшмаси каби қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, оммавий ахборот воситалари раҳбарлари, халқаро ва жамоат ташкилотлари вакиллари, хорижий экспертлар ҳамда олий ўқув юртларининг журналистика факультети профессор-ўқитувчилари иштирок этди.

Форум ва унинг сессия мажлисларида оммавий ахборот воситаларини янада ривожлантириш, халқаро даражадаги журналистларни тайёрлаш ва мутахассислар малакасини ошириш, телерадиоканалларда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш борасида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ва бу борада хорижий давлатлар тажрибасига оид қатор масалалар юзасидан фикр алмашилди.