Қўшма Штатлар Украинага қуролли кучлари ва чегара хизматини мустаҳкамлаши учун кўмак кўрсатишда давом этади. Бу ҳақда АҚШ Мудофаа вазири Эштон Картер Пентагонда украиналик ҳамкасби Степан Полторак билан бўлиб ўтган учрашувдан кейин ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилди.

Америка Мудофаа вазири: “Биз Украина билан қуролли кучлари ва чегара хизматини мустаҳкамлашида ҳамкорлик қиламиз”, - дея Украина мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини тасдиқлади.

Картер Вашингтон Киевга ҳарбий ёрдам кўрсатиш ва Украинага ҳарбий қурол-аслаҳаларни етказиб бериш мақсадида 442 млн доллар сарфланганини эслаб ўтди.
Шунингдек, америкалик инструкторлар Львов вилоятидаги Яворовский полигонида Украина ИИВ қисмлари ҳарбий хизматчиларини тайёрлаётгани ва яқин кунларда республика қуролли кучлари билан машғулотлар олиб боришга кирилишини ҳам айтиб ўтди. “Ноябрь ойи охирига қадар биз Украина Миллий гвардиясининг 900 нафар ҳарбий хизматчисини тайёрлаймиз”, - деди Картер.

Унинг фикрича, украин ҳарбийларининг ўқув имкониятларини мустаҳкамлаш орқали мамлакат мудофаа салоҳиятини ҳам кучайтириш мумкин.