Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров янги Москва жомеъ масжидига Муҳаммад расулуллоҳ (с.а.в.)нинг сочларини совға қилади, деб хабар бермоқда Россия мусулмонлари диний бошқармаси матбуот хизматига иқтибос келтирган ҳолда “Интерфакс” ахборот агентлиги.

“Зирҳланган ойна билан ҳимояланган махсус идишга солинган муборак соч алоҳида тантаналар муносабати билан масжидга ташриф буюрувчилар эътиборига ҳавола этилади”, дейилмоқда бошқармада.

Қайд этилишича, янги масжиднинг очилишида иштирок этган Рамзон Қодиров шахсан ўзи Муҳаммад (с.а.в.)нинг сочларини Москвага етказади.

Москва жомеъ масжиди 10 йил давомида реконструкция қилинди. Ушбу ишлар ҳомийлар ҳисобига амалга оширилди. Қайд этилишича, 6-қаватли масжид бир вақтнинг ўзида 10 минггача диндорни ўз ичига сиғдира олади.