АҚШ полицияси саудиялик шаҳзода Мажид Абдулазиз Ал-Саудни жинсий зўравонликда гумон қилмоқда, деб хабар бермоқда полиция хабарига таянган ҳолда Reuters ахборот агентлиги.

Полиция маълумотларига кўра, 28 ёшли шаҳзода Беверли-Хиллздаги апартамент ходимини жинсий алоқага киришишга мажбур қилган. Шаҳзода ҳибсга олиниб, кейин 300 минг доллар эвазига қамоқдан чиқарилган.

Саудия Арабистонининг АҚШдаги махсус консулининг маълум қилишича, шаҳзода дипломатик иммунитетга эга эмас. Бу ҳақда Los Angeles Times нашри таъкидлаб ўтди.

Нашрнинг маълумотларига кўра, полиция жиноят жойига қонга беланган аёл бақириб, ёрдам сўраётганини кўрган гувоҳнинг хабаридан кейин келган. Жиноят содир этилгани тахмин қилинаётган, нархи 37 млн доллар турадиган уй охирги бир неча ҳафта давомида ижарага олинган бўлган.

19 октябрда ушбу воқеа юзасидан тафтиш бўлиб ўтади.