Таиланд 29 уйғур қочқинини АҚШга йўллайди, у ерда уларга бошпана тақдим этилади. Бу ҳақда мамлакат ижтимоий тараққиёт ва жамоат хавфсизлиги вазири Адул Саенгсингкаев баёнот берди.

Шу кунларда Саенгсингкаев Патхумтхани вилоятидаги муҳожирларни вақтинчалик сақлаш марказига ташриф буюрди. У қочқинларнинг ҳолидан хабар олиб, яқинда АҚШда уларга бошпана тақдим этилишини таъкидлади.
Айни пайтда марказда 328 уйғур бор. Уларнинг бари ХХР раҳбарияти томонидан жиноятчилар деб ҳисобланмоқда.

Таиланд қочқинлар учун ўзига хос ўтиш пункти ҳисобланади. Контрабандачилар уйғурларни Хитойдан олиб келиб, сўнг Бангкок орқали Туркияга йўллайди. Мьянма ва Бангладеш қочқинлари эса Таиланд орқали Индонезия ва Малайзияга етиб олади. Шу йилнинг май ойида қироллик ҳудудида муҳожирлар сақланадиган қароргоҳлар ҳамда бир қатор оммавий қабрлар топилди.