Бразилия чемпионатидаги ўйинлардан бири захирада ўйинчилар етишмаслиги туфайли якунига етмай қолди.

Пиауи шаҳрининг "Тирадентес" ва Мараньау шаҳрининг "Вианлар" жамоалари ўртасида 45 даражали иссиқ ҳарорат остида ўтган ўйин вақтида кўп ҳам кузатилмайдиган воқеа рўй берди. Қуйи лига доирасидаги ушбу учрашувда 7-дақиқаданоқ меҳмонлар дарвозабони иссиқ туфайли ўзини жуда ёмон ҳис қила бошлади. Унга биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилиб, шифохонага олиб кетилган.

Кўп вақт ўтмасдан "Вианлар" жамоасининг яна бир футболчиси майдонга қулаган. Уни майдон четига олиб чиқишган, лекин у ўзига кела олмаган. Ўйин давомида меҳмонларнинг қолган вакиллари ҳам ўзини нохуш ҳис қила бошлаган. Улардан жами 6 нафари ўзига кела олмаган. Натижада рақиб жамоа сафида ўйинчилар етишмаслиги юз бериб, 83-дақиқада ўйин тўхтатилган.

Бу вақтда ўйинда "Тирадентес" 10:0 ҳисобида ғалаба қозониб турганди.