Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳаж пайтида Мино водийсида юз беган фожиада барча айбни Саудия Арабистони ҳукумати зиммасига юклашни нотўғри деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда Эрдўған маҳаллий журналистларга айтди.     

“Саудия Арабистони ҳажни ташкиллаштириш қоидаларини доимо кучайтириб боради. У мунтазам равишда бу борада янги лойиҳалар қабул қилади. Мен ушбу фожиадаги барча айбни Саудия Арабистони ҳукумати зиммасига қўйишни нотўғри деб ҳисоблайман. Ишонаманки, ҳукумат зарур чораларни кўради”, деб айтди Эрдўған. 

“У ерда саросима бўлган. Бундай улкан ишларни ташкиллаштириш осон иш эмас, чунки Маккада бир вақтнинг ўзида 4 млн гача одам бўлади. Бироқ исталган вазиятда чоралар кўрилади, Саудия Арабистонига ташланишни тўғри деб ҳисобламайман”, деб қўшимча қилди Эрдўған.

Аввалроқ Туркиянинг Адолат ва тараққиёт партияси раҳбари ўринбосари Али Шахин Саудия Арабистонини фожиага олиб келган масъулиятсизликда айблаган эди. “Мино водийсидаги фожиани тақдир деб айта оламизми? Бу хавфсизликни таъминлашдаги масъулиятсизликдир”, деб танқид қилган эди Шахин.