25 сентябрь куни Тошкентда И.М. Губкин номидаги Россия Давлат нефть ва газ Университетининг (РДНГУ) Тошкент шаҳар филиалида нефтгаз саноати корхоналари учун персонал тайёрлови масалаларига бағишланган халқаро анжуман бўлиб ўтди.
Тадбир ташкилотчилари «ЛУКОЙЛ Узбекистан Оперейтинг Компани» МЧЖ («ЛУКОЙЛ» компаниясининг Ўзбекистондаги қидириш ва қазиб олиш бўйича оператори), «Ўзбекнефтгаз» Миллий холдинг компанияси (МХК) ва Тошкентдаги И.М. Губкин номидаги РДНГУ.
Анжуманда нефтгаз соҳаси мутахассисларини тайёрлашда замонавий услуб ва технологияларини қўллаш, Ўзбекистонда муҳандис-техник мутахассислигидаги ишчиларни тайёрлаш имкониятлари кенг муҳокама этилди. Бундан ташқари яқин 10 йил давомида мамлакат нефтгаз сохасида углеводород қазиб олиш билан боғлиқ йирик сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш чоғида ходимларга бўлган эҳтиёж каби масалалар кўриб чиқилди.
«Масъулиятли сармоядор сифатида ЛУКОЙЛ компанияси нефтгаз соҳаси учун кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшишга ҳаракат қилмоқда. «ЛУКОЙЛ Узбекистан Оперейтинг Компани»да фаолият олиб бораётган ишчиларнинг 85% дан ортиғи Ўзбекистон Республикаси фуқароларидир. Шу боис биз узоқ муддатли лойҳаларни амалга ошириш йўналишида юқори малакали маҳаллий мутахассисларни тайёрлашга кўпрок имкониятлар яратишга катта қизиқиш билдирмоқдамиз», – деб таъкидлади «ЛУКОЙЛ» ходимлар бошқаруви ва ташкилий ривожланиш ишлари бўйича Вице-президенти Анатолий Москаленко.
Бугунги кунда «ЛУКОЙЛ Узбекистан Оперейтинг Компани»да 1600дан ортиқ киши ишлаб келмоқда. Йирик кўламдаги лойиҳаларни амалга оширишнинг энг чўққи палласида ишчиларнинг сони 3500дан ортиши кутилмоқда.