25 сентябрда футбол бўйича Ўзбекистон Олий лигасининг 23-туридан ўрин олган учрашувлар ўз ниҳоясига етди.

Тошкентдаги Марказий "Пахтакор" стадионида Олий лига 23-туридан ўрин олган "Пахтакор" ҳамда "Металлург" клублари ўртасидаги учрашув 3:2 ҳисоби билан тошкентликларнинг ғалабаси билан якунланди.

Қизиғи шундаки, 83-дақиқагача бекободликлар Нўъмонов ва Норбековларнинг голлари эвазига олдинда бораётган эдилар. Аммо сўнгги 10 дақиқа ичида "Пахтакор" нафақат орадаги фарқни йўққа чиқара олди, балки олдинга ўтиб олди.

Аввалига, қанотдан Ҳошимов берган узатмани Баҳодир Пардаев боши билан рақиб дарвозасига кирита олди.

89-дақиқада Игорь Сергеев пенальтини аниқ ижро этди. Ўйин охирларида, аниқроғи 90+3 дақиқада Сергеев "Пахтакор"нинг ғалаба тўпини киритди.

Шу тариқа "шерлар" ғалаба қозонишди ва чемпионлик учун яна битта катта қадамни ташлашди.

Олий лига, 23-тур

Пахтакор" - "Металлург" — 3:2
Голлар: Пардаев (80), Сергеев (89, 90+3) - Нўъмонов (23), Норбеков (76)
Фарғонанинг "Нефтчи" жамоаси Самарқандда "Динамо"ни енгишга муваффақ бўлди. Ўйиндаги ягона голни Азамат Бобожонов киритди.

"Динамо" - "Нефтчи" — 0:1
Гол: Бобожонов (63)

Андижондаги учрашувда "Локо" майдон эгаларини 2:1 ҳисобида доғда қолдирди. Меҳмон жамоа футболчилари Темур Кападзе ва Санжар Шоаҳмедовларнинг голларига Анвар Бердиев 11 метрлик жарима нуқтасидан киритган голи орқали жавоб қайтарди.

"Андижон" - "Локомотив" — 1:2
Голлар: Бердиев (81 пен) - Кападзе (53), Шоаҳмедов (71)

"Қўқон-1912" жамоаси Носир Отақўзиевнинг 55-дақиқадаги голи эвазига жуда муҳим ғалабани қўлга киритди.

"Қўқон-1912" - Қизилқум" — 1:0
Гол: Отақўзиев (55)

"Олмалиқ" ҳамда "Шўртан" клублари ўртасидаги учрашувда 3:1 ҳисоби қайд этилиб, олмалиқликларнинг ғалабаси билан якунланди.
Йовановичнинг дубли ҳамда Қутибоевнинг битта голига Бердиев 27-дақиқада киритган голи орқали жавоб қайтарди.

"Олмалиқ" - "Шўртан" — 3:1
Голлар: Қутибоев (3), Йованович (27, 51) - Бердиев (27)

"Насаф" ҳамда "Навбаҳор" клублари ўртасидаги учрашув 5:1 ҳисобида қаршиликларнинг ғалабаси билан якунланди.

Голларга бой кечган учрашувда мезбон жамоа сафида Шомуродов ва Геворкянлар дубль қайд этишди. “Навбаҳор” аъзоси Улуғбек Бақоев эса ҳам рақиб, ҳам ўз дарвозасини ишғол этди.

"Насаф" - "Навбаҳор" — 5:1
Голлар: Шомуродов (7, 55), Геворкян (23, 69), Бақоев (31) - Бақоев (13)