25 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов БМТ Бош Ассамблеяси 70-сессиясида чиқиш қилди.

Вазирнинг маълум қилишича, Ўзбекистон БМТ барқарор ривожланиш дастурида биринчи навбатда Орол муаммоси ҳисобга олинишини қўллаб-қувватлайди.

БМТнинг 68-сессиясида Оролнинг қуриши билан боғлиқ муаммоларни камайтириш борасида қабул қилинган дастурда белгиланган вазифаларни амалга ошириш ва бу борада зарур молиявий механизмларни йўлга қўйиш лозимлиги таъкидланганди.

Абдулазиз Комилов 70-сессияда Орол муаммосига бутун дунё эътиборини қаратди ва бу ҳудуддан учган заҳарли моддалар Антарктида қирғоқлари, Гренландия музлари, Норвегия ўрмонлари ҳамда дунёнинг бошқа турли чеккаларигача етиб борганини эслатиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, "Орол фожиаси 65 млн киши яшайдиган Марказий Осиё учун жиддий таъсир кўрсатади".

Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўз нутқида БМТ ҳомийлигида Орол денгизи ва Оролбўйи учун махсус Траст фонди тузишни таклиф қилди.

"Сайёра миқёсидаги муаммога айланган Орол денгизи ҳудудидаги мавжуд муаммони ҳал қилиш мақсадида қўшма ҳамкорликни кучайтириш ва молиявий лойиҳаларни қўллаш зарур. Шу мақсадда БМТ ҳомийлигида Орол денгизи ва Оролбўйи учун махсус Траст фонди тузишни таклиф қиламан", дейди вазир.

У бу фонднинг асосий мақсади Оролбўйидаги экологик мувозанатни сақлаш, ҳудуд аҳолисининг ичимлик суви билан таъминланиши, аҳоли саломатлиги ва фаровонлигини ҳимоя қилиш борасидаги лойиҳаларни молиялаштириш бўлишини айтди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон минтақадаги миллионлаб инсонлар ҳаётига хавф солувчи Амударё ва Сирдарё оқимларида турли йирик ГЭСлар қурилишига оид лойиҳаларнинг амалга оширилишига йўл қўймаслиги айтиб ўтилди.