Қўқон шаҳрида истиқомат қилувчи Муҳсин Сафоев қотилликка қўл уриб, 13 йилга қамалди. “Ҳуқуқ” нашрининг ёзишича, у рафиқаси билан бозорда савдо жойи талашган йигитни пичоқлаган учун судланган.

Жиноятчининг турмуш ўртоғи Гулсун Сафоева шаҳардаги бозорлардан бирида пайпоқ сотиб кун кўрган. Бир сафар у ўғлининг тўйи туфайли бир ҳафта бозорга чиқмаган, қайтганида эса унинг ёнида савдо қилувчи Жаҳонгир Жўраев ва Садирбек Ҳапизов унинг жойи ҳисобига ўз жойларини кенгайтириб олишганини кўрган. Бунинг натижасида савдогарлар ўртасида жанжал келиб чиққан.

Уч кундан сўнг бозорга Гулсун Сафоеванинг турмуш ўртоғи Муҳсин Сафоев келиб, йигитлар билан жанжаллашган ва Жаҳонгир Жўраевнинг юрагига пичоқ урган.

Жўраев шифохонада ўзига келмай вафот этган.