Қозоғистон мусулмонлар диний идораси кейинги йилдан Маккага ҳаж учун борувчи кекса ёшдаги кишиларга алоҳида кишилар ҳамроҳлик қилиши кераклигини белгилаб қўйди.

Бу қарорга 24 сентябрь куни Мино водийсида юз берган тиқилинч туфайли 78 ёшли қозоҳистонлик аёлнинг ҳалок бўлгани сабаб ҳисобланади. 31 канал хабарига кўра, ушбу аёл юрак хуружидан вафот этган.

Ҳозирги маълумотларга кўра, ушбу фожиа вақтида оламдан ўтган 717 нафар ҳожилар орасида Чад, Нигерия, Сенегал, Туркия, Ҳиндистон ва Эрон мамлакатлари фуқаролари бўлган.

Қозоғистон ТИВ дастлаб тарқатган хабарда бу тиқилинч вақтида қозоғистонликлар йўқлиги айтилганди. Лекин кейинроқ бир нафар қозоғистонлик кекса аёлнинг ўлими ҳақида маълум қилинди.

Айни вақтда ҳаж мавсуми муносабати билан 4 мингга яқин қозоғистонлик Саудия Арабистонида бўлиб турибди. Улардан бири сайти билан боғланган ва вазият ҳақида ахборот берган.

"Ушбу фожиа жойида биз ҳам бўлишимиз мумкин эди. Лекин бизнинг гуруҳимиз ён томондаги йўлдан ҳаракатланди. Мусулмолар бу ҳолатга бошқача кўз билан қарашади. Бизнингча ҳаж йўлида ҳалок бўлиш - тўғридан-тўғри жаннатга элтади", дейди Жанар Жонсаид исмли ҳожи.

Айни вақтда халқаро саҳнада бу воқеага турлича муносабатлар билдирилмоқда. Макка шаҳри губернатори шаҳзода Холид ал-Фейсал бу тиқилинчда африкалик зиёратчиларнинг тартибсизликларини сабаб сифатида келтирган. Эрон томонидан эса унданда кескинроқ муносабат билдирилган. Эронликлар диний раҳнамоси оятуллоҳ Али Хаманеи 130 нафар эронликнинг ўлимида Саудия Арабистони ҳукумати хавфсизликни таъминлай олмаганини сабаб сифатида кўрмоқда. Ушбу айбловга жавобан қирол Салмон ибн Абдулазиз Ол Сауд ҳаж маросимлари ўтказилиш тартиблари ўзгартирилиши ва фожиа бўйича текширув олиб борилишини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, фожеа 24 сентябрь куни эрта тонгда Макка яқинидаги Мино водийсида содир бўлди. Иккита улкан одамлар оқими чодирлар шаҳарчасидан шайтонга тош отиш амали бажариладиган ҳудудга элтадиган йўлдаги чорраҳада тўқнаш келиб қолган. Кўчалар кесишмасида улкан тиқилинч вужудга келиб, натижада 717 киши ҳалок бўлди, энг камида 863 зиёратчи жароҳатланди.

Ўзбекистон ТИВ Мино водийсидаги фожеадан ҳалок бўлганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқлигини маълум қилган.