2015 йилнинг 28 сентябрь – 3 октябрь кунлари Тошкентдаги Республика олимпия захиралари теннис мактаби кортларида хотин-қизлар ўртасида “Tashkent Open-2015” анъанавий халқаро турнири 17-марта ўтказилади.

Мукофот жамғармаси 250.000 АҚШ долларини ташкил қилган мазкур халқаро турнирнинг бу йилги беллашувларида 30га яқин давлатдан 100 нафардан зиёд ракетка усталари бош соврин учун кураш олиб боришади.

Мусобақа қатнашчиларининг 17 нафари WTA рейтингининг кучли юзталигидан ўрин олган бўлиб, бу ҳам ўз навбатида баҳсларни янада муросасиз кечишини таъминлаши кутилмоқда.

Турнирда WTA рейтинг жадвалида 49-поғонани эгаллаб турган германиялик Карина Виттоефт биринчи рақам остида сараланган. Унга Жоанна Ларссон (WTA рейтингида 56-ўрин, Швеция), Анника Бекк (63-ўрин, Германия), шунингдек, Бояна Йованоски (Сербия), Урсула Радванска (Польша) Маргарита Гаспарян (Россия) каби етакчи теннисчилар муносиб рақобат кўрсатиши кутилмоқда.

Мусобақанинг саралаш учрашувлари 26-27 сентябрь кунлари ўтказилди. Ўзбекистон вакилларидан Арина Фольц турнир фаворитларидан бири Марина Заневскага 1:6, 3:6 ҳисобларида мағлуб бўлди. Ўтган йилги турнирнинг чорак финалигача етиб борган Оқгул Омонмуродова (294) эса польшалик Катаржин Питерга 2:6 ва 5:7 ҳисобларида ютқазиб қўйди. Саралашнинг биринчи босқичидан ўтган теннисчилар асосий тўрга ўтиш учун баҳсларни давом эттиришган. Унда Контавейт — Питер, Мартич — Козлова, Фогель — Бичкова ҳамда Каниа — Заневска қарама-қаршилиги кузатилган.

“Tashkent Open-2015” халқаро турнирида Ўзбекистон шарафини Сабина Шарипова (204) ва Нигина Абдураимова (249) ҳимоя қилади. Шарапова Словакия вакили Яно Цепелова билан баҳслашса, Абдураимованинг рақиби саралаш босқичи якунидан кейин маълум бўлади.

Асосий тўр баҳслари 28 сентябрь куни соат 10:00да бошланади ва 3 октябрга қадар давом этади.

Халқаро турнир доирасида 1 октябрь “Болалар куни”, шунингдек, 3-октябрда дипломатик корпус вакиллари, хорижий компаниялар вакиллари, республика теннис фахрийлари ўртасида VIP-турнир ҳам ташкил этилади.